Пиёда юриш марафонида кексалар фаол қатнашди

Термиз шаҳрида “Ҳар куни 5 минг қадам” шиори остида пиёда юриш марафони ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбирда кекса авлод вакилларига давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ҳамда ходимлари, ёшлар йўлдош бўлди.
Мазкур қарор асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган “1 октябрь – Халқаро кексалар куни”ни ҳар йили Ватанимизда муносиб нишонлаш учун октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. Уни юксак савияда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Ушбу дастур ижроси доирасида Термиз шаҳрида ташкил этилган пиёда юриш марафони қатнашчилари Сурхондарё вилояти марказидаги салобатли “Сурхон” спорт мажмуаси ёнида эрта тонгдан жам бўлиб, Хотира майдонигача бўлган масофага оҳиста қадам ташлаб, пиёда юриб келди.
– Тонгда пиёда сайр қилишда ҳам гап кўп, – дейди меҳнат фахрийси Шокир Хўжаев. – Лекин кўпчилигимиз ҳамиша субҳидамда пиёда сайр этишга қунт қилавермаймиз. Агар тонгда яёв юришни одат қилсангиз, тоза ҳавода танангиз яйраб, кун давомида сизга тетиклик улашади. Саломатлигингиз мустаҳкамланади. Қарилик аломатларидан бири мускуллардаги енгил оғриқнинг чекинишига кўмаклашади. Шу боис биз нуронийларнинг соғлиғимизни ўйлаб, уюштирилган бу ташаббусни олқишлайман. Зеро, бизнинг соғлом ва тетик бўлишимиз жойлардаги ижтимоий муҳит барқарорлигида ҳам муҳим ўринга эга, деган фикрдаман.
Ҳафталик муносабати билан вилоятда кекса авлод вакилларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг имтиёзли тарзда театр ва музейларга, тарихий шаҳарлар ҳамда муқаддас қадамжоларга ташрифини уюштириш, бошқа турли тадбирлар ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Х.МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Fikr bildirish

Elektron pochtangiz ko‘rsatilmaydi. Barcha * bilan belgilanganlarni to‘ldirish shart.

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: