Навоийнинг Қоратоғ тизмаси яқинида аҳоли олтин қазиб олмоқда

Кимдан эшитганимни аниқ эслай олмайман, лекин болалигимда бир ривоят ёдимда қолган. 
Унда буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ҳозирги Навоий вилояти кенгликларидан ўтаётиб, «Кун келиб авлодлар бу манзилларда гулдек шаҳар бунёд этади ва дунёни ҳайратлантирадиган мўъжизаларга макон бўлади. Тупроғи олтинга айланади», дегани ҳақида ривоятлар юради.
Айни вақтда ер ости ва ер усти бойликларига макон бўлган вилоят тупроғида Менделеев даврий жадвалидаги барча элементларнинг мавжудлиги исботланган.
Бу Алишер Навоий қанчалик узоқни кўра билганидан бир даракдай туюлади. Ваҳоланки, юртимизда қазиб олинадиган ер ости бойликларининг 80 фоизи шу вилоят улушига тўғри келади.
Айни вақтда Зарафшон ва Учқудуқ туманларида олтин қазиб олиш саноатлашган усулда бажарилмоқда.
Шунингдек, соҳа мутахассисларининг геологик тадқиқотлари ва қазилма ишлари натижасида Нурота туманининг Қоратоғ тизмаси ён-бағрларида ҳам олтин захираси мавжудлиги аниқланган.
Бироқ, олтин зарраларининг 15-20 метр чуқурликда жойлашгани ва саноат усулида қазиб олиш ўзини оқламаслиги ҳисоб-китоб қилинган.
Шу боис Қоратоғ тизмаси яқинда жойлашган Қизилча қишлоғи аҳолиси олтин қазиш ишлари билан шуғулланмоқда. Бу тегишли қарорларга кўра қонунлаштирилмоқда.
photo5249171259961486278.jpg
– Қишлоғимиз Қоратоғ ён-бағрида жойлашган, – дейди Салом Баҳриев. –Кўпчилик ишсиз. Шу боис тупроқдан олтин ажратишга вақтимиз бемалол. Бунинг учун қишлоқдан чиқиб, тоғ ўнгирлари ёнига бориб, 15 метрча қазилса, турли ўлчамдаги тошлар чиқади.
Уларни махсус ускунада майдалаймиз. Қўмдай бўлиб қолган зарраларни сувда ювиб, ўзига хос усулда олтинни ажратиб оламиз. Уни заргарларга ёки заводга олиб бориб, сотамиз.
Қайд этиш керакки, Навоий вилоят мамлакатимизда ҳудудий жиҳатдан энг катта вилоят бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасидан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди.
Вилоят ўзига хос табиий шароитига кўра уч қисмга бўлинади. Агарда вилоятнинг шимоли-ғарбий қисмини бағрида не-не сир-синоатларни яшириб, ётган Қизилқум чўли эгаллаган.
Жануби-шарқий қисмида Нурота тоғ тизмаларига тегишли Қоратоғ, Оқтоғ сингари тоғлар бўй чўзган бўлса, Зарафшон дарёси воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг деҳқончилик зонаси ўрнашган.

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА

Fikr bildirish

Elektron pochtangiz ko‘rsatilmaydi. Barcha * bilan belgilanganlarni to‘ldirish shart.

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: