Узоқ умр кўришда аёллар етакчи-ми?

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 2019 йил 1 октябрь ҳолатида Самарқандда 100 ёшдан ошган пенсия ва нафақа олувчилар 53 нафарни ташкил этади. Узоқ умр кўришда аёллар етакчи экан – 41 нафар.
Ёши асрдан ошган пиру бадавлат нуронийлар Ургут(8 нафар), Каттақўрғон (7 нафар) ва Пайариқ (6 нафар) туманларида бошқа ҳудудларга нисбатан кўп бўлса, Самарқанд туманида бир нафар онахон ҳаёт кечирмоқда.
Самарқанд шаҳар Мир Саид Барака маҳалласида яшовчи Марям Дўстметова яқинда ушбу қутлуғ ёшга тўлди. Икки асрга гувоҳ онахонни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси фаоллари қутлаб, эсдалик совғалари топширди.
– Узоқ умр кўришнинг сири ҳалол-пок яшаш, виждонга ва касбга хиёнат қилмай ишлашда, – дейди кўп йиллар шифокор бўлиб ишлаб, одамларга ёрдам бериш, яхшилик қилишни ҳаёти мазмуни деб билган Марям ая. – Амалдаги қонунчиликка кўра, юз ёшдан ошган юртдошларимизга ҳар ойлик пенсиясига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари – 223 минг сўм миқдорида устама тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 сентябрдаги қарорига кўра, бу йил октябрь ойининг биринчи ҳафтасида илк бор ўтказилган “Кексалар ҳафталиги” давомида Самарқанд вилоятида нафақат юз ёшдан ошган нуронийлар, балки Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди. Кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Fikr bildirish

Elektron pochtangiz ko‘rsatilmaydi. Barcha * bilan belgilanganlarni to‘ldirish shart.

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: