Ўзбекистон – Россия: қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссияси гуруҳининг видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди. 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев, Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари С.Левин бошчилигидаги вакиллар иштирок этди.
Томонлар аграр соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, чорвачилик, аграр таълими бўйича алоқалар, фитосанитар таъминоти, мева-сабзавотлар етказиб бериш ҳамда ўрта муддатга мўлжалланган агросаноат мажмуига доир “Йўл харитаси” юзасидан ўзаро фикр алмашди.
Икки давлат ўртасида “Ягона ойна” ахборот тизимини интеграциялаш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг “Golden Fish Group” компаниясининг Россияга экспортни амалга ошириш учун рухсат бериш жараёнини тезлаштириш борасидаги масала кўриб чиқилди.
Йиғилишда “РосАгроМаркет” МЧЖ бош директори Е.Некрасов ҳозирги вақтда Новосибирск вилоятида 2020 йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган илк улгуржи-тақсимлаш маркази бўйича тегишли ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Таъкидланишича, ушбу марказ Марказий Осиё давлатларидан келаётган маҳсулотлар учун савдо оқими коридори вазифасини бажаради. Шу орқали “Маркетплэйс” ахборот платформаси омборхоналарда жамланган маҳсулотларни марказдан 700 километр радиусда тақсимлаш имконини беради.
Шунингдек, Россиянинг “Росрыбхоз” уюшмаси раиси В.Глущенко томонидан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан Россиянинг “Ангелинское” ва “Шараповское” балиқчилик хўжаликлари билан яхши алоқалар ўрнатилгани қайд этилди. Томонлар келгуси йилда Илонбалиқ уруғини алмашиш бўйича келишиб олди.
Мулоқотда Ўзбекистонда тажриба тариқасида “малла қўзиқорин” етиштириш ва ҳосилни авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш мақсадида қайта ишлаш учун Россияга экспорт қилиш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги шартномавий-ҳуқуқий қонунчиликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА

Fikr bildirish

Elektron pochtangiz ko‘rsatilmaydi. Barcha * bilan belgilanganlarni to‘ldirish shart.

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: