ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН: 3 йилда 8 ярим минг нафарга яқин юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди

Ихболидин Абдуллаев 1994 йил Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятидан ота-онаси билан Ўзбекистонга келган. Шу заминда олий маълумотли бўлиб, ҳуқуқшунос бўлиб вояга етди. Оила қурди, фарзанд кўрди. Бироқ, Ўзбекистон фуқароси паспортига эга эмаслиги унинг армони эди. Жорий йилнинг августида Ихболидиннинг орзулари ушалди, унга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилди.
– Отам Тошкентда туғилган бўлсада, иш юзасидан Қирғизистонга бориб, онам билан оила кўрган, – дейди И.Абдуллаев. – Узоқ йиллар у ёқда яшаб, кейинчалик бобо-бувининг қистови билан Тошкентга қайтиб келган. Шу тариқа келиб, шаҳарда мактабни битирдим. Бироқ, шу заминда яшаб, уни жондан азиз билсам-да, фуқаролик паспортига эга бўлмаганим мени қийнар эди. Улғайган сари ҳужжатнинг қадрини билиб бордим. Баъзида паспортини ёмон аҳволда олиб юрганларни кўрсам, юрагим туздек ачирди. “Қани шу менда бўлса эди, духобага ўраб юрардим” деб. Паспорт инсонни юраги экан. Яратганга шукр, бугун фуқаролик паспортини қўлимга олдим. Сайловлар яқин. Мен ҳам энди сайлаш, сайланиш ҳуқуқига эгаман. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиб, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиламан.
Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, 2016 йил декабрь ойидан буён Ўзбекистонда яшаётган юртдошларимиздан 8 минг 348 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлди.
 
photo5260745788802312973.jpg
 
Бунда 1992 йили қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида“ги қонун ва Бош қомусимизнинг 93 моддасидаги 22 банд асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатлар асосида Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш борасида қабул қилинаётган Президент фармонлари сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Мисол учун, 2016 йилда бошланган ушбу хайрли тадбир учун битта Президент фармони қабул қилинган бўлса, 2017 йилда 10, 2018 йилда 15, жорий йилнинг ўтган даврида эса 21 фармон ижроси таъминланди. Айни вақтда уларнинг ҳаммаси фуқаролик паспортига эга.
4.jpg
Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий манфаатлари қонун билан кафолатлаб қўйилгани, ҳар бир фуқарога бериладиган паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлиб, унинг эгаси давлат муҳофазасидадир.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати ҳамда сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъи назар, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида дилдан тан олган, унинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшганлар қабул қилиниши мумкин.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА

Fikr bildirish

Elektron pochtangiz ko‘rsatilmaydi. Barcha * bilan belgilanganlarni to‘ldirish shart.

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: