Ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди

Жорий йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Муҳим сиёсий жараёнда сайловчилар ва номзодлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу жиҳатдан Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўртасида Меморандум имзоланди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Муҳаммадиев фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, сайловчилар ва номзодлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик нақадар муҳим эканлигини таъкидлади.
photo5314351236968983348.jpg
Меморандумга кўра, тарафлар сайловларда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилади.
Томонлар ўз ваколатларидан келиб чиқиб, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, хусусан сайлов ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ҳамкорликда кенг жамоатчиликка етказиш, ҳарбий қисмлар, жазони ижро этиш муассасаларида тузилган сайлов участкаларида мониторингларни амалга ошириш каби вазифаларни бажаради.
Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов жараёнида ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилиш, сайловчилар ва номзодлардан тушаётган мурожаатларни ҳамкорликда кўриб чиқиш ва тегишли қонуний чораларни кўриш ҳамда сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик қилади.
– Сайлов қонунчилигига асосан оғир ва ўта оғир бўлмаган жиноят содир этган шахслар ҳам сайлаш ҳуқуқига эга ҳисобланади, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири Саидбек Азимов. – Шу сабабли тегишли жазони ижро этиш муассасаларида тузиладиган сайлов участкаларини кўздан кечириш, оғир ва ўта оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этиши, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мониторинг олиб бориш асосий вазифа сифатида қўйилмоқда.
photo5314351236968983349.jpg
Мазкур Меморандумга мувофиқ фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилади. Томонлар ваколатига кирувчи масалалар юзасидан тегишли маълумотлар (статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотлар) алмашади. Ҳамкорликда семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар, ОАВда чиқишлар ва бошқа тарғибот тадбирларини ташкил этади.
Томонлар ўртасида имзоланган Меморандум, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, шунингдек сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш бўйича ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: