«Вақф» маблағларини нималарга сарфламоқда? Жамғарма ўз фаолиятини очиқлади

«Вақф» хайрия жамоат фондига 30 октябрь санасига қадар 164 млрд сўм миқдорида мавблағ келиб тушган. Шундан 122 млрд.дан ортиқ маблағ масжидлар ҳисоб рақамларига, салкам 25,5 млрд сўм маблағ зиёратгоҳлар ҳисоб рақамларига келиб тушган. Фонд раҳбари Искандар Халилов Ислом нури газетасига берган интервьюсида жамғарма фаолиятига доир саволларга ойдинлик киритди.

Унинг билдиришича, жорий йил 30 октябрь санасига қадар, «Вақф» фонди ҳисоб рақамларига 164 миллиард сўм миқдорида маблағ келиб тушган. Шундан, хайрия ҳисоб рақамига 1 млрд 201 млн сўм, закот ҳисоб рақамига 5,6 млрд сўм, вақф ҳисоб рақамига 758 млн сўм, масжидлар ҳисоб рақамига 122,3 млрд сўм ва зиёратгоҳлар ҳисоб рақамига 25 млрд 464 млн сўм тушган.

Ушбу маблағлар эса, «Вақф хайрия жамоат фондининг даромадларини шакллантириш ва маблағларини, товар моддий бойликларини тақсимлаш Йўриқномаси»га асосан
қуйидаги харажатлар учун сарфланган:

Хайрия ҳисоб рақамидан:

·       25 та ижтимоий ҳимояга муҳтож ташкилотга 130 млн сўм;

·       4 766 та кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга закот ва хайрия пуллари ҳисобидан 5 млрд 043 млн сўм.

Масжидлар ҳисоб рақамидан:

·       масжидлар ва вакилликларнинг талабномаларига асосан 110,7 млрд сўм.

Таъкидланишича, Фонд маблағларининг асосий қисми масжидлардаги эҳсон қутилари орқали шакллансада, маблағларнинг аксар қисми яна масжидлар харажатларига йўналтирилади. Хусусан, масжидлардан тушган маблағларнинг 75 фоизи уларга қайта юборилади. 10 фоизи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилларига, 10 фоизи идора фаолиятини ташкил этишга берилади. Фақат 5 фоизи Фонд ихтиёрида қолади. Бироқ, мазкур 5 фоиз ҳисобига 700 дан зиёд даромади кам масжидларнинг имом-хатибларига ойлик маош берилади. Бу 370 млн сўмни ташкил этмоқда.

Зиёратгоҳлар ҳисоб рақамидан:

·       зиёратгоҳлар ва филиалларнинг талабномаларига асосан 19,8 млрд сўм.

Акциялар ҳисоб рақамларидан:

·       акциялар мақсади бўйича 3,1 млрд сўм.

Асосий ҳисоб рақамдан 3 млрд 800 млн сўм миқдорида маблағ сарфланди.

Қайд этилишича, 2019 йил 20 сентябрь ҳолатига кўра, Фонднинг махсус ҳисоб рақамларида жами 21 млрд 465 млн сўм миқдорида қолдиқ маблағ мавжуд.

Юқоригилардан ташқари, 2190 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга 2 миллиард 584 миллион 587 минг сўмлик моддий ёрдам ҳамда 80 миллион сўмлик 40 дона ногиронлик аравачалари тарқатилган, ижтимоий ёрдамга муҳтож 3 нафар фуқаронинг уйи 8,9 млн сўмлик Фонд маблағлари ва ҳомийларни жалб этган ҳолда қайта таъмирланган.

“Вақф” фонди томонидан жойлардаги 700 дан зиёд олис ҳудудда жойлашган ва кам даромадли масжидлар имом-хатибларига ойлик маошлари учун ҳар ой 370 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилмоқда.

Тошкент ислом институтида 60 ўринга мўлжалланган дарсхона, ўқув предметлари, таълим дастгоҳлари, ошхона ва ётоқхона учун 190 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу ерда таҳсил олаётган тушуми паст бўлган масжидларда хизмат кўрсатувчи 59 нафар имом-хатибларга 190 млн 777 минг сўм миқдорида тўлов-контракт маблағи ўтказиб берилган.

Жорий йил февраль ойида Сурхондарё вилоятидаги “Боғи Обод”, “Себзор” ва “Эҳтиром” маҳаллаларида истиқомат қилаётган 8 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бу ишларга жами 70 миллион сўм сарфланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Рамазон ойида 157 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган. Қолаверса, Рамазон ойида 2 миллиард сўм закот ва хайрия маблағлари ҳақдорларга етказилган.

“Ҳилол-нашр” нашриётида чоп этилган 93 миллион сўмлик 3000 дона Қуръони карим китоблари барча вилоятлардаги жоме масжидларга ҳадя қилинди. Умуман, динийй китобларга 17,7 млн сўм, талаба ўғил-қизлар шартномаларини тўлашга 224,3 млн сўм тўлов-контракт маблағлари тўланган. 30 млн сўмлик 10 дона компьютер жамланмаси, Республика гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида даволанаётган оқ қон (лейкоз) касаллиги билан касалланган беморларнинг 85 нафарига 137 миллион сўм ёрдам пуллари берилган.

Маълум қилинишича, эшитиш ва гапиришда нуқсони бор фуқаролар учун барча вилоятларда жума маърузаларини сурдо таржималарини намойиш қилиш лойиҳаси бўйича 70 миллион сўм маблағ ажратилган, Навоий шаҳрида ҳомийлар ёрдамида 7 та никоҳ ва 35 нафар боланинг суннат тўйи ўтказиб берилган. Ёш оилаларга хайрия тариқасида 3 500 000 сўмлик электр-техника жиҳозлари, суннат тўйи ўтказилаётган болаларга эса велосипед ва кийим-кечаклар етказиб берилди.

2018 – 2019 йиллар давомида зиёратгоҳларни қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, коммунал тўловларни тўлаш ва 750 нафарга яқин зиёратгоҳларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақлари ва бошқа харажатларга жами 19,8 млрд. сўм маблағ сарфланган. Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятларининг энг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган бир неча масжидларнинг бунёд этиш ишларига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ миқдоридаги қурилиш материаллари етказилган.

Эслатиб ўтамиз, «Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

Manba: kun.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: