Болалар радиологиясининг долзарб муаммолари

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Ўзбекистон радиологлари жамияти томонидан “Болалар радиологиясининг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда Россия, Германия, Корея Республикаси, Австрия, Австралия, Ҳиндистон, Қозоғистон каби қатор давлатлардан олим ва мутахассислар иштирок этмоқда.
Болалар тиббий радиологиясининг ўзига хос хусусиятлари, ушбу соҳада тўпланган замонавий билимлар соҳа мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни тақозо этмоқда. Шу боис, мазкур конференцияда юртимизда тиббий радиология соҳасида сўнгги йилларда эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим омилларидан бири бу диагностика хизматини такомиллаштиришдир. Сўнгги йилларда кузатилган радиология ташхисининг жадал ривожланиши клиник тиббиёт учун мутлақо янги имкониятларни очиб, инсон танасининг деярли барча аъзолари ва тўқима тузилмаларида тадқиқотлар ўтказиш учун қулай имкониятлар яратди. Юртимиз клиникаларида радиология соҳасидаги энг сўнгги замонавий технологияларнинг муваффақиятли жорий этилиши касалликка тез ва аниқ ташхис қўйиш билан бирга беморларни соғлом ҳаётга қайтаришда ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Дунёнинг йирик тиббиёт марказлари статистикаси шуни кўрсатадики, нурланиш усуллари ёрдамида беморни дастлабки даволашда нотўғри ташхислар сони айни пайтда 4 фоиздан ошмайди ва жиддий касалликларнинг ҳаёт учун хавфли асоратлари сони сўнгги 20 йил ичида 8 фоиздан 1,5 фоизгача камайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз тиббиёт тизими муассасалари учун 355 дона рентген аппарати, шу жумладан, 455 дона ультратовуш диагностикаси, 38 та компьютер томографи, 3 та битта фотонли эмиссия томографи, 39 та рақамли флорограф, чизиқли тезлатгичлар ва бошқа радиологик ускуналар сотиб олинди ва ўрнатилди. Натижада ускуналарнинг умумий сони 10 фоизга ошди. Стационар ускуналар улуши эса юртимиз бўйича ўртача 70 фоизга етди. Тиббий диагностика хизматлари хусусий секторда ҳам жадал ривожланмоқда. Кўплаб йирик хусусий клиникалар MPT, MCKT, 3D, 4D – сонография, ПЭТ сингари замонавий рентгенологик технологиялар билан жиҳозланган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолига юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Тадбирда ушбу технологиялардан тўлиқ ва оқилона фойдалана оладиган ва замонавий диагностика алгоритмларини амалиётга татбиқ этадиган юқори малакали мутахассислар – рентгенологларни тайёрлаш муҳим вазифа ҳисобланиши қайд этилди. Бугунги кунда магистратура ва ординатура, ихтисослик ва малака ошириш курслари мутахассислари учун ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг 11 та олий ўқув юртида магистратурада 200 нафар ва клиник ординатура (резидентура)да 734 нафар мутахассис, шу жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистратурасида 70 нафар ва резидентура клиникаларида 130 нафар мутахассис тайёрланди.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйича аҳолига ихтисослаштирилган рентгенологик ёрдамни 2,5 мингдан ортиқ рентгенолог шифокор кўрсатмоқда. Шунга қарамай кадрлар етишмовчилигини ҳисобга олган ҳолда, тиббий олий ўқув юртларига магистратура ва клиник ординатура учун қабул квоталарини кўпайтириш талаб этилиши айтиб ўтилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон рентгенологлари Осиё-Тинч океания минтақаси рентгенологлари жамияти, Европа рентгенологлари уюшмасининг аъзоси бўлиб, улар билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Ҳар йили мамлакатимизда хорижий давлатларнинг етакчи мутахассислари иштирокида конференциялар ва семинарлар ўтказилмоқда.
Конференция дастуридан Осиё-Океания радиологлари мактаби ва Ўзбекистон радиологлари жамиятининг қўшма мажлиси, хорижий мамлакатларнинг таниқли олимлари иштирокида болалар тиббий радиологиясининг устувор йўналишлари бўйича сессиялар, онлайн мастер-класслар ўрин олган.

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА

Fikr bildirish

Elektron pochtangiz ko‘rsatilmaydi. Barcha * bilan belgilanganlarni to‘ldirish shart.

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: