Ўзбекистонда қолипли нон нархи аҳолини қониқтиряптими?

Нон ва нон маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетаётгани бугун барчамизга аён ҳақиқат. Энг асосийси эса бу муаммо халқимизни қийнаётган мавзуга айланди. 
Бугун Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига ҳам бир қанча юртдошларимиз қолипли ноннинг нархи ошиб кетаётганлигидан норози бўлиб, нарх-наво назоратига ким масъул, деган саволни беришмоқда.
Фақатгина нафақага кун кўрувчи нафақахўрлар, шартнома пулини тўлаш учун мисқоллаб пул йиғаётган талабага озиқ-овқатнинг, айниқса, ноннинг нархи ошиши сезиларли даражада таъсир қилади.
Нон истеъмол қиладиган маҳсулотларимизнинг асос ҳисобланади. Шу боис Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерацияси мутасаддилари ҳар бир вилоятда айни кунларда қолипли ноннинг нархини ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Мамлакатимиз ҳудудларида эса қолипли нон нархи турлича баҳоланмоқда. Энг арзон нарх 1500 бўлса, энг қиммати 2000 сўмни кўрсатмоқда.
Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Уйчи ва Чортоқ туманларида қолипли нон 1500-1750 сўмгача, Учқурғон туманида 1750 сўмдан 2000 сўмгача сотилаётгани маълум бўлди.
Андижон вилоятининг Асака, Улуғнор, Шахрихон туманларида 1500- 1750 сўмгача, Пахтаобод туманида 1500-2000 сўмгача, Олтинкўл туманида 1750-1800 сўмгача сотилмоқда. Фарғона вилоятининг Қўштепа, Бувайда, Учкўприк, Фурқат туманларида 1500-1800 сўмдан сотилаётган бўлса, Бухоро вилоятининг деярли барча туманларида 1500-1600 сўмдан сотилмоқда.
Биргина Когон туманида 1600-1800 сўмдан сотилаётгани тўғрисида маълумот келди. Булар бир кунлик ўрганиш натижалари дейдиган бўлсак, нон нархи ҳар куни ўзгариши мумкинлигини ҳам инобатга олиш лозим.
Кундалик ҳаётимизда муаммолар кўп. Аммо арзимас деб ўйлайдиганимиз айрим муаммоларимиз халқ қалбининг оғриқлари эканлигини унутмаслигимиз лозим! Ун ва нон нархи халқ чўнтаги кўтарадиган меъёрларга тўғри келиши зарур деб ўйлаймиз.
Гулноза Шарафова, 
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси етакчи мутахассиси
ЎзА

Fikr bildirish

Elektron pochtangiz ko‘rsatilmaydi. Barcha * bilan belgilanganlarni to‘ldirish shart.

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: