Камбағаллик бир оила ёки бир давлатнинг муаммоси эмас

Биз кўпинча шукроналик ҳақида, неъматлар қадрига етиш тўғрисида гапирганимизда дунёнинг фалон мамлакатида бунча одам қашшоқликда умр кечиради, фалон миллион киши сувсизликдан азият чекади, деган маълумотларни келтириб, фикримизни таъсирчан ифодалашга ҳаракат қиламиз. 
Ёки бир қатор мамлакатларда одамлар тўйиб овқат емаслиги, саломатликка эътибор қаратмаслиги оқибатида турли юқумли касалликлар, эпидемиялар келиб чиқаётганидан бонг урамиз.
Ўйламаймизки, бу ҳолатлар бошқа сайёрада эмас, барчамиз яшаб юрган ерда содир бўлмоқда. Ваҳоланки, бу хатар фақатгина ўша давлат, ўша минтақанинг эмас, бутун инсониятнинг муаммоси, ташвишидир. Унинг таъсири секин-аста дунёнинг бошқа давлат ва қитъаларида ҳам сезилишини кўпинча хаёлимизга келтирмаймиз. Аммо коронавирус пандемияси, яқин Шарқ ва Африка мамлакатларидаги нотинчликлар бу ўй-хаёлларимиз нотўғри эканлигини барчамизга англатди.
Зеро, бугун ер сайёрасининг бир бурчагида содир бўлган воқеа-ҳодиса тез фурсатда иккинчи бурчагида акс-садо бермоқда. Ноқонуний миграция, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллатларнинг илдизи ҳам бугун айнан қашшоқлик ва камбағалликка бориб тақаляпти. Бунда масофа, қитъалар, океанлар унчалик катта аҳамият касб этмаяпти. Глобаллашув жараёнлари ҳаётимизда ҳам шиддаткор ўзгаришларни намоён этди.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этиши бежиз эмас. Шунинг учун ҳам бу ташаббусни сессия қатнашчилари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар қўллаб-қувватламоқда.
Камбағаллик ҳақида гап кетганда, майли узоққа бормайлик, дунёнинг қайсидир бир минтақасини таҳлил этмай ўзимизнинг ён-атрофимиздаги ҳолатларга бир назар солайлик. Нима, бизда камбағаллар йўқмиди, бошпанасиз кишилар, ейишга нон топа олмаётганлар каммиди? Афсуски, жуда кўп эди улар, фақат буни айтишга чўчирдик, статистикаларда қайд этилмасди бундай ҳолатлар. Жорий йил аввалида Президент катта минбардан туриб камбағалликни камайтириш ҳақида гапирганидан сўнг, бу борада амалий ишлар бошланганидан сўнг ҳаммаси аён бўлди-ку.
Баъзида ўйлаб қоламан-да – агар давлат раҳбари камбағаллик ҳақида гапириб, бундай тоифа кишилар бизда ҳам борлигини тан олмаганида бу йилги пандемия шароитида уларнинг ҳоли нима кечарди? Яхшиям йил бошида камбағал оилалар рўйхатлари шакллантирилиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди. Йўқса, бизда ҳам бир муаммо ортидан бошқалари қаторлашиб юзага чиқаверарди.
Мана йилнинг тўққиз ойи якунига етмоқда. Бугун республикамизнинг исталган ҳудудига бориб, бирор бир қишлоқ, овул мисолида камбағал, эҳтиёжманд оилалар ҳаёти билан танишинг, уларнинг турмуш-тарзидан воқиф бўлинг, фикрларини тингланг – албатта ўзгаришни кўрасиз. Давлат кўмаги билан улар ишлашга, тадбиркорлик қилишга, ҳеч бўлмаганда, ўз аравасини ўзи тортишга ҳаракат қилмоқда ва бунинг уддасидан чиқаётганлар ҳам жуда кўп. Тўғри, ҳали ҳаммаси рисоладагидек бўлмаса-да, муаммо ва камчиликлар учраса-да, ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Гап мураккаб вазиятни чиндан ҳам оғир ҳолат, деб қўл қовуштириб ўтиришда ёки буни яширишда эмаслигини бугун раҳбарлар-у оддий одамлар англаб етганида.
Энда бу масала дунёнинг энг катта халқаро ташкилоти сессиясининг асосий мавзуси бўлиб кун тартибига қўйилса, қандай натижа беришини тасаввур қилаверинг. Ҳақиқатан ҳам глобал муаммога бутун дунё эътибор қаратилади, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа ва ташаббуслар илгари сурилади.
Шерали ЙЎЛДОШЕВ,
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши котибияти раҳбари

ЎзА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

Imloviy xato to‘g‘risida bildirish

Ushbu matn mutassislarga yuboriladi: